Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Стив Свердлов Тошкент шаҳрида 25 ёшли гей йигит Шокир Ш. ўлдирилганини кескин қоралади.
“Бу мутлақ ваҳший, гомофоб нафратга асосланган жиноятдир”, деб ёзди Свердлов Twitterда. Фаол Ўзбекистон ҳукуматини айбдорлар қонун олдида тўлиқ жавоб беришини таъминлашга чорлади.
“Муҳими, бу ҳукумат қўллаб ва рағбатлантириб келаётган давомли гомофобиянинг мантиқий натижасидир”, дея сўзини давом эттирди Свердлов.
“Ўзбекистон Туркманистон билан бир қаторда эркаклар ўртасидаги консенсуал жинсий алоқалар ҳануз жиноий жавобгарликка тортиладиган икки собиқ совет республикасининг биридир”.
Свердлов, шунингдек, жинсий озчилик вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилган Шоҳруҳ Салимовни ва унинг қариндошларини ички ишлар тизими таъқиб қилаётганини айтиб ўтди.
Свердлов Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кейинги ҳафтада Варшавада бўлиб ўтадиган анжуманида қатнашадиган барча тарафларни Ўзбекистонда ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) шахсларга қарши зўравонликни муҳокама қилишга чақирди.
Тошкентнинг Юнусобод туманида 25 яшар гей йигит бўғизлаб ўлдирилгани тўғрисида Озодлик 13 сентябрь куни хабар қилган эди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг (ИИББ) билдиришича, Юнусобод туманида ўлдирилган Шокирнинг қотили, деб гумон қилинаётган шахс – 28 яшар Одилжон Ю. билан “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида танишган, 11 сентябрь кунги учрашувда янги таниши Шокирни пичоқлаган.
Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоаси фаоли Тошкентда туриб, жиноят атайин гейларга нафрат асосида гомофоблар томонидан содир қилинганини таъкидлади.