Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси миллатчилар томонидан пичоқланди.
“Фонтанка” нашрининг билдиришича, Петербургга Москвадан келган 17-20 ёшли тўрт миллатчидан икки нафари 16 сентябрда кўчада Ўзбекистон фуқароси билан низолашган ва уни пичоқлаган.
Ўзбекистон фуқароси оғир тан жароҳатлари билан касалхоналарнинг бирида реанимация бўлимида сақланмоқда.
Полиция 17 сентябрь куни жиноятни содир этганликда гумон қилинганларни қўлга олди.
Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинганларнинг баданларида фашизм рамзлари акс этган татуировкалар, жумладан, фашистик свастика ва немис махсус отрядларининг белгилари бўлган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.
“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.