Таниқли тожик ҳуқуқ ҳимоячиси, узоқ йиллардан бери Москвада истиқомат қилаётган Иззат Амон тожик муҳожирларининг “Ўзгариш, ислоҳотлар ва тараққиёт” партияси тузилганини эълон қилди.
Янги сиёсий бирлашманинг мақсади – муҳожирларнинг Тожикистон сиёсий ҳаётидаги, шу жумладан, парламент ва президент сайловида иштирокига эришиш эканлиги айтилди. Партияга хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирлари аъзо бўлиши мумкин: Россияда икки миллионгача тожикистонлик меҳнат муҳожири бор.
Иззат Амон ўз олдига партияни Тожикистон Адлия вазирлигида расмий рўйхатдан ўтказиш, минтақавий бўлинмаларини ҳам Тожикистоннинг ўзида, ҳам унинг ташқарисида очишни мақсад қилиб қўйган.
"Биласизми, орадан ўттиз йил ўтди, жамият эса сиёсий жараёнларда мутлақо иштирок этмаяпти: парламент сайловида ҳам, президент сайловида ҳам. Фуқаролик жамиятининг бу жараёнлардаги аралашуви мутлақо йўқ, – деган журналистларга Иззат Амон. – Бу партияни ташкил этиш орқали биз мана шу вазиятни, қўрқув вазиятини ўзгартирмоқчимиз. Одамлар фуқаровий масъулиятни тушунсин ва ҳис қилсин".