Польша пойтахти Варшавада ўтаётган инсон ҳуқуқлари халқаро анжуманида Туркманистон қамоқхоналарида одамларнинг бедарак йўқолиши амалиёти давом этаётганидан ташвиш билдирилди.
Ҳуқуқ фаоллари халқаро ҳамжамиятни Туркманистон ҳукуматига бу борада босим ўтказишга чақирди.
ЕХҲТ томонидан ўтказилаётган мазкур анжуман бошланиши арафасида туркман қамоқларида бедарак кетган жабрдийдаларнинг рўйхати эълон қилинди.
“Ўтган йилларда халқаро жамоатчилик босими, жумладан, ЕХҲТ, БМТ ва Европа Иттифоқи босими остида бу масалада бир оз ижобий силжишлар бўлган эди. Аммо 2018 йилда Туркманистон ҳукумати билан юмшоқ дипломатик мулоқотлар ўтказила бошлангани ортидан бу жараён яна тўхтаб қолди”, дейилади баёнотда.
Анжуманда таъкидланишича, Туркманистон ҳукумати бу борада БМТнинг тегишли қўмиталари билан ҳамкорлик қилишни тўла тўхтатиб қўйган.