БМТда Сурия бўйича таклиф қилинган икки резолюция ҳам рад этилди

Суриянинг Идлиб вилоятидаги Хон Шейхун шаҳри кўчаларидан бирининг шу кундаги кўриниши.

БМТ Хавфсизлик кенгашида Суриянинг Идлиб вилоятида тинчлик ўрнатиш бўйича бир-бирига зид икки резолюциянинг иккаласи ҳам қабул қилинмади.

19 сентябрь куни Ғарб давлатлари қўллаган резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйди. Шу билан Россия 13- марта вето ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз ҳамкори Сурия ҳукуматига қарши чора кўрилишига тўсқинлик қилди.

Резолюция лойиҳасини таклиф қилган Германия, Бельгия ва Қувайт Россияни таклиф қилинаётган гуманитар чораларга қарши вето қўймасликка чақирган эди. Россия резолюцияда “аксилтеррор амалиётлари” ҳамда “террор гуруҳларига” қарши амалиётлар оташкесимдан истисно эканлиги кўрсатилмагани учун уни қўллашдан бош тортди. Ғарб давлатлари бундай истисно турли хил талқин қилиниши мумкинлигини, оддий фуқаролар бомбардимон қилинишга йўл очиши мумкинлигини айтишмоқда.

Россия ва Хитой алоҳида тайёрлаган резолюция ҳам овозга қўйилди, аммо керак бўлган 9 овозни тўплай олмади. Уни қўллаб фақат Россия ва Хитой овоз берди. АҚШ, Британия, Франция қарши овоз берди, Индонезия, Жанубий Африка, Кот-дʼИвуар ва Экваториал Гвинея эса овоз беришдан бош тортди.

Идлибдаги жанглар туфайли юз минглаб одам уйини тарк этишга мажбур бўлди. Вилоятда Сурия ҳукуматига қарши сўнгги исёнчи гуруҳлар мамлакат армиясига қарши курашмоқда.