Трамп Зеленский билан мунозарали телефон суҳбатини “жуда яхши”, деб баҳолади

АҚШ президенти Доналд Трамп июль ойида Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали сўзлашуви чоғида унга гўёки асосий сиёсий рақибларидан бирининг ишини тергов қилишга оид босим ўтказгани хусусидаги иддаоларга жавоб қайтарди.

Трамп ўша суҳбатни “жуда яхши ва одатий” деб таърифлади.

21 сентябрь куни Трамп ушбу телефон суҳбати ҳақида Твиттерда: “Ҳеч қандай ноўрин гап айтилгани йўқ”, дея изоҳ қолдирди.

У бу суҳбатда Зеленскийни Украинада бизнес юритган собиқ вице-президент Жо Байден ва ўғли Ҳантер Байденнинг ишини тергов қилишга қайта-қайта даъват этгани иддао қилинмоқда. 21 сентябрь куни Украина Ташқи ишлар вазири Вадим Пристайко ҳам бу иддаоларни рад этди.

Зеленский девони ушбу шов-шув юзасидан ҳали ҳеч қандай изоҳ бермади.

Номи ошкор қилинмаётган кишининг махфий шикояти ортидан ушбу телефон суҳбати демократлар билан республикачилар ўртасидаги кескин мунозарасига сабаб бўлди.

АҚШ президентлигига 2020 йили бўлиб ўтадиган сайловда Демократлар партиясидан етакчи номзод бўлиши кутилаётган Жо Байден олдинроқ Трамп ушбу суҳбат стенограммасини “Америка халқи ўзи хулоса чиқариши учун” эълон қилишини талаб этган эди.