Эрон футбол мусобақасига аёлларни киритишга ваъда берди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний (ўнгда) ва ФИФА президенти Жанни Инфантино Теҳронга 2018 йилги сафари чоғида Руҳонийнинг номи ёзилган футболкани ушлаб турибди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино жаҳон футболини бошқарувчи идора “ортиқ кута олмаслиги”ни ва Эрон кейинги халқаро футбол мусобақасини ўтказаётганда аёл томошабинларга стадионга киришга рухсат этилишига “ваъда бергани”ни айтди.

Инфантинонинг 22 сентябрда ёзган изоҳларидан олдин ФИФА делегацияси консерватив шиа раҳбарияти билан узоқ йиллардан бери аёлларнинг эркаклар қатнашадиган спорт мусобақаларини томоша қилишига тақиқни бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш учун Эронга сафар қилган эди.

Ушбу тақиқ фожиаларга ҳам сабаб бўлди. Яқинда бир жувон стадионга эркаклар кийимини кийиб киргани учун жазолангани сабаб ўзига ўт қўйган эди.

Мусобақалар тақвимига кўра, Эрон 10 октябрда Теҳрондаги “Озоди” стадионида 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш ўйинини Камбожа терма жамоасига қарши ўтказади.

ФИФА делегациясининг Эронга сафари ва Теҳрондаги “Озоди” стадионига ташрифи натижаларига оид 21 сентябрда тарқатилган баёнотида шундай дейилади: “Ушбу фойдали муҳокамалар давомида ФИФА ўзининг қатъий ва аниқ позициясини баён қилди, унга кўра, аёлларга футбол мусобақаларини бемалол томоша қилишига рухсат берилиши, стадионларга кирувчи аёллар сони чипталар сотилиши натижасида ҳосил бўлган талабларга қараб белгиланиши шарт”.

Яна айтилишича, ФИФА аёл томошабинлар келгусида Эроннинг футбол лигаси мусобақаларига ҳам киришини таъминлаш учун Эроннинг миллий футбол федерацияси (ЭМФФ) билан иш олиб боради.

29 яшар эронлик футбол ишқибози Саҳар Худоёрий 2 сентябрда устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборгандан сўнг ҳалок бўлгани қаттиқ ижтимоий акс-садо берди. Жонига қасд қилишига март ойида футбол мусобақасини томоша қилгани билан боғлиқ айбловлар сабаб бўлди.

Эрон расмийлари ўтмишда ҳам айрим ҳолларда аёлларнинг танланган гуруҳларига стадионларнинг алоҳида ажратилган жойларида футбол мусобақаларини томоша қилишига рухсат бериб турган, аммо қарийб қирқ йил давомида аёлларга умумий рухсат беришни пайсалга солиб келаётган эди.

Севимли командаси “Истиқлол”нинг рамзий рангларидан келиб чиқиб, “Мовий қиз” номини олган Худоёрий ўзига ўт қўйгандан сўнг танасини 90 фоизи куйгани хабар қилинди.

Синглисининг айтишича, қиз асаб хасталигидан азият чеккан, ҳибсга олингани ва 6 ой қамоқда ўтиришини эшитгандан сўнг эса руҳий аҳволи ёмонлашган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатининг айрим жиҳатларини очиш, айниқса, эронлик аёлларни иккинчи даражалилик мақомидан қутулишига ёрдам беришга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш хусусида ваъдаларининг асосий қисмини бажара олмади.

ФИФА Эрон ва бошқа мамлакатларнинг жинсий камситишларига қарши кураша олмаётган ташкилот сифатида тез-тез танқидга учраб туради.

25 августда Эрон спорт вазири ўринбосари Жамшид Тоҳизода аёллар Камбожа терма командаси билан ўйинга қўйилажагини эълон қилган эди. Аммо Эрон ҳукумати ўтмишда ушбу масалага эътибор қаратмагани учун жорий ойда ФИФА делегацияси Теҳронга сафар қилишга мажбур бўлди.

“ФИФАнинг позицияси қатъий ва аниқ, − дейилади ташкилот яқинда тарқатган баёнотда. – Аёлларга Эрондаги стадионларга киришга рухсат берилиши шарт. Барча футбол мусобақаларига”.