"Чорсу" меҳмонхонаси қайта савдога қўйилди, нархи 1 сўм

Тошкентдаги "Чорсу" меҳмонхонаси.

Тошкентдаги"Чорсу" меҳмонхонаси 1 сўм бошланғич нархда ким ошди савдосига қўйилди.

Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш марказининг хабар беришича, меҳмонхона 21 октябрда ўтадиган ким ошди савдосида сотилади.

Меҳмонхонани сотиб олган шахс уни ривожлантириш учун икки йил давомида 25 миллион доллар маблағ ётқизиши, 150та янги иш ўрни ташкил этиши шарт. Бундан ташқари меҳмонхона камида уч юлдузли мақомига эга бўлиши лозим.

2017 йилнинг сентябрида “Чорсу”ни туркиялик ишбилармон Аҳмад Демир сотиб олгани ва у меҳмонхона базасида “Эски шаҳар” савдо-сайëҳлик мажмуаси қуришга киришгани хабар қилинган эди.

Бироқ 2 июль куни иқтисодий масалалар бўйича Тошкент туманлараро суди Аҳмад Демир ўз мажбуриятларини бажармаган, деган қарорга келиб, у билан имзоланган шартномани бекор қилган эди.

Аҳмад Демир меҳмонхонани ноль қийматида сотиб олган эди. Шартнома бўйича у 33 миллион доллар инвестиция киритиши лозим бўлган.