АҚШ халқаро ҳамжамиятни уйғурларни Хитойга депортация қилмасликка чақирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 22 сентябрь куни халқаро ҳамжамиятни Пекин талаби билан уйғурларни Хитойга топширмасликка чақирди.

Унга кўра, Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида мусулмонларни “қайта тарбиялаш лагерлари” деб аталган қамоқхоналарда сақламоқда ва буни террорчиликка қарши кураш билан ниқобламоқда.

Помпео бундай ҳолатнинг террорчиликка қарши курашга мутлақо алоқаси йўқлигини, Хитой ҳукумати миллий озчиликларнинг дини ва маданиятини йўқ қилишга уринаётганини айтди.

Помпео Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашганидан сўнг мана шундай баёнот берди.

Майк Помпео 6 сентябрь куни Канзас штатидаги Манхэттен университетида сўзлаган нутқида ҳам Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқлари топталаётганига эътибор қаратган эди.

Помпео сўнгги икки йил ичида Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар қайта тарбиялаш лагерларида сақланаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни “мусулмонларни ўз маданияти ва эътиқодидан воз кечтиришга ҳаракат қилиш”, деб баҳолаган.