Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 868 нафар маҳкумни афв қилди.
Бу ҳақда 23 сентябрь кунихабар қилган Туркманистон Давлат ахборот агентлигига кўра, афв қилиш тўғрисидаги фармон “меҳр-шафқат ва инсонпарварлик принципларига амал қилган ҳолда ва мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан” қабул қилинди. Туркманистон мустақиллиги куни 27 сентябрь куни нишонланади.
Туркманистоннинг давлатга тегишли ОАВнинг хабар қилишича, афв қилинганлар «озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги асосий жазони ўташдан, шунингдек, маълум бир ҳудудда яшаш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги қўшимча жазодан” озод қилинадилар.
Собиқ маҳбуслар байрамни оила даврасида нишонлашлари учун ҳуқуқ-тартибот идораларига барча расмиятчиликларни байрамга қадар якунлаш топширилди.
Туркманистон президенти турли байрам ва муҳим саналар муносабати билан бир йилда бир неча бор амнистия эълон қилади. Сўнгги бор амнистия 2019 йил мартида Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган ва ўшанда 2028 киши афв этилган эди.
Туркманистонда мунтазам равишда амнистия эълон қилинишига қарамай сиёсий маҳбуслар озод қилинадиганлар рўйхатига киритилмайди.