25 сентябрда президент Мирзиёев Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари расмий сайти хабар қилди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.
"Учрашувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилди, Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилигини янада такомиллаштириш жиҳатлари ва қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди" дейилган president.uz хабарида.