Халқаро Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни тинч митинглар тўғрисидаги қонунларни қайта кўриб чиқишга ва тинч намойишлар иштирокчиларини қўлга олиш амалиётини тўхтатишга чақирди.
24 сентябрь куни HRW сайтида эълон қилинган баёнотда, ўтган шанба куни юз берган ҳодисалар тилга олинади, ўшанда полиция Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида фаолияти тақиқланган ҳаракат томонидан ҳукуматга қарши намойиш ўтказилиши кўрсатилган жойда юзга яқин кишини ушлади.
HRWга кўра, мамлакатни салкам 30 йил бошқарган президент Нурсултон Назарбоевнинг ўрнини эгаллаган Тоқаев июнда бўлиб ўтган муддатдан аввалги сайловлардан кейин «сиёсий ислоҳотларни жадалаштириш ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш ниятида эканлигини» билдирган.
«Аммо дам олиш кунлари тинч намойиш иштирокчиларининг оммавий ушланиши ва яқиндаги кенг қамровли ҳибсга олишлар Тоқаевнинг ислоҳотлар борасидаги ҳаракатларига соя солади», - дейилади HRW сайтида эълон қилинган баёнотда.
Қозоғистон ҳукумати вакиллари 21 сентябрь ва ундан аввалги ҳибсга олишларни изоҳлар экан, фуқаролар “иғвогарларнинг чақириқларига қулоқ солиб” ва прокуратуранинг огоҳлантиришини инкор этган ҳолда рухсат берилмаган митингларга чиққанини айтмоқда.