26 сентябрда Тошкентда суд ўзбекистонлик шарқшунос олим Андрей Кубатинни оқлади, у суд залидан озод қилинди.
Бу ҳақда Кубатиннинг дўстлари, хусусан Анвар Назир ўзининг Фейсбукида хабар қилди.
Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган Андрей Кубатин 2017 йилда ўзининг ноёб китоблар нусхасига эга бўлган шахсий архивидан кўчирмаларни Ўзбекистоннинг туристик йўлномасини нашр қилмоқчи бўлган “Туркиянинг ТИКА ташкилоти ходимига топшираётган пайтда” қўлга олинган эди.
Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрида суд ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2018 йилнинг майида унинг иши юқори инстанцияда кўриб чиқилиб, қамоқ муддати 5 йил қилиб белгиланган.
Кубатин Тошкент вилояти Зангиота тумани УЯ 64/ТХ-1 жазони ўташ муассасасида сақланаётган эди.
Давлатга хиёнатда айбланиб қамалган олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова йилнинг мартида президент Шавкат Мирзиёевга укасининг ишига эътибор қаратишни сўраб мурожаат қилган.
Клара Сахарованинг айтишича, тергов давомида укаси Андрей Кубатинга ўша пайтда Миллий хавфсизлик хизмати деб аталган, ҳозирда номи Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилган ташкилот ходимлари томонидан босимлар ўтказилган ва қийноқлар қўлланилган.