Ўзбекистоннинг етти нафар фуқароси Россиянинг Ставрополь ўлкасида қулликдан қутқарилди. Уларни қулликдан қутқариш амалиёти ўлкадаги “Альтернатива” жамоат ташкилоти воситачилигида ўтказилди.
Фергана агентлигининг 26 сентябрда хабар беришича, ўзбекистонликлар 2019 йилнинг апрель ойида қуллик шароитига тушиб қолганлар. Улар ўз иш берувчиси Станислав билан меҳнат шартномасини имзолаганлар. Шундан сўнг Станислав уларнинг ҳужжатларини олиб қўйган ва иш ҳақи ҳам тўламаган. Ўзбекистонликлар Ачикулак қишлоғида ишлаётган ерларида, яъни далада яшашга мажбур бўлганлар.
Қулликда сақланаётган ўзбекистонликлардан бири “Альтернатива” ташкилоти билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг жамоат ташкилоти вакиллари полиция билан ҳамкорликда уларни озод қилган.
Хабарда таъкидланишича, Станислав ўзбекистонликларнинг ҳар бирига 30 минг рублдан ҳақ тўлаб берганидан сўнг, улар уйларига қайтганлар. Полиция эса қулдорга нисбатан жиноят иши очмаган.
Россияда Жиноят кодексининг “Қул меҳнатидан фойдаланиш” моддаси бўйича айбланганлар ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинадилар.