27 сентябрда бош офиси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Straus House” МЧЖнинг таъсисчиси ва бош директори Иброҳим Исроилов ҳибсга олинди.
Ширкат вакилидан олинган бу маълумотни тасдиқлаган Ички ишлар вазирлиги мулозимига кўра, "Straus House" раҳбарига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича гумон қилинувчи тариқасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Исроилов Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи 300дан ортиқ фуқаронинг миллионлаб сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.
"Straus House" раҳбари ҳибсга олинишидан бир кун олдин - 26 сентябрда Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти ва Бош Прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти туяқушчиликка ихтисослашган Тошкентдаги "Strаus House" ширкати фаолиятини текшираётгани ҳақда хабар берган эди.
"Straus House" МЧЖ раҳбари Тошкент шаҳари ва Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахслар билан 2019 йилнинг январь-апрель ойлари давомида 90 кун муддат ичида Жанубий Африка Республикасидан зотли туяқуш жўжаларини етказиб бериш юзасидан шартномалар расмийлаштириш орқали уларнинг ишончига киргани, 300дан ортиқ фуқароларнинг миллионлаб сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.