Жасур Иброҳимовнинг ота-онаси ўғлининг ўлимида айблангандан суд орқали 651 732 760 сўм ундирмоқчи

Жасур Иброҳимов

25 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида марҳум Жасур Иброҳимовнинг яқин қариндошлари аризаси бўйича бошланган суд жараёнининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, даъвогарлар; марҳум Жасурбек Иброҳимовнинг отаси Муҳаммаджон Турсунов ва онаси Нилуфар Алиеванинг жавобгарлар Исломбек Тўлаганов ва унинг ота-онаси устидан ёзган ариза кўрилмоқда.

Даъвогарлар кўрган моддий ва маънавий зарарини жавобгарлардан ундириб беришни сўраган.

Даъвогар тараф жавобгарлардан етказилган моддий зарарни қоплаш учун 151 732 760 сўм ва фарзандининг ўлими туфайли кўрилган маънавий зарарни қоплаш учун 500 000 000 сўм талаб қилмоқда. Оила жавобгарлардан маънавий зарар учун ундириладиган маблағларни хайрия фондига ўтказишни режалаштирган.

Жавобгар тараф ариза билан танишиб чиққани, бу ўлим ҳолатида фарзанди айбсиз экани, Жасурбек Иброҳимов айрим шифокорлар ҳаракатсизлиги натижасида вафот этгани, ушбу воқеа юзасидан тегишли ташкилотларга ариза берганини айтиб, суддан уларни жавобгарлар сафидан чиқаришни ва мазкур талабни рад этишини сўрамоқда.

Суднинг навбатдаги мажлиси 14 октябрга белгиланди..

Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топилган Ислом Тўлаганов жазо муддатини ўташ вақтида колониядаги режимни бузмагани ва меҳнатга виждонан ёндашгани туфайли шу йилнинг апрелида озод этилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жазони ўташ бош бошқармаси баёнот берган эди.

17 яшар Жасурбек Иброҳимов 2017 йилнинг 3 майида Ташкентдаги П.Ф. Боровский номидаги Тиббиёт коллежи ёнида калтакланган, шундан сўнг у 5 марта жарроҳлик амалиётдан ўтган, аммо 1 июнь куни вафот этган эди.