Трамп Украина билан боғлиқ импичмент ишини "энг катта фирибгарлик" деб атади

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага боғлиқ можаро ортидан ўзига қарши киритилган импичмент сўровини "Америка сиёсати тарихидаги энг катта фирибгарлик" деб атади.

Трампнинг 38 сониялик видеобаёноти унинг ҳарбий ёрдамни тўхтатишини айтиб, Киев раҳбариятига босим ўтказгани ҳақидаги даъволар боис, импичмент сўрови киритилишига жавоб тариқасида пайдо бўлди.

Оқ уй пайшанба куни Трампнинг Украина президенти билан суҳбати стенограммасини эълон қилганди. Ҳужжатга кўра, июль ойи сўнгида Оқ уй раҳбари Украина етакчисидан кичик Байден компанияси фаолиятига эътибор қаратишни сўраган.

Бу эпизод Конгрессдаги кўплаб демократлар томонидан Трампнинг ўз ваколатини ҳаддан зиёд суистеъмол қилиши сифатида баҳоланмоқда ва терговнинг бошланиши унинг импичментига етарли сабаб бўлиши айтилмоқда.

Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Демократлар партияси намояндаларини Трамп маъмурияти телефон суҳбати арафасида нега Украинага ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатиб қўйгани, Украина вакиллари билан президент юристи Руди Жулианининг алоқаларига доир жиҳатлар қизиқтирмоқда.

3 октябр куни АҚШ президентининг Украина бўйича махсус вакили Курт Волкер Конгрессда кўрсатма беради. Волкер 28 октябр куни лавозимидан истеъфо берганини билдирган.