Илон Маск Марс ва Ойда шаҳарлар қуришга имконият яратадиган коинот кемасини тақдим қилди

SpaceX ширкати раҳбари Илон Маск.

SpaceX ширкати раҳбари Илон Маск ичида экипажи билан Марс ва Ойга учадиган коинот кемасини тақдим қилди. Кемалар яқин ойларда дастлабки синовлардан ўтказилиши билдирилди.

Маск мазкур кема кўп маротаба фойдаланилишга мўлжалланилганини таъкидлади. Синов пайтида кема 20 километр баландликка кўтарилади ва коинотда бир ёки икки ой парвоз қилади, сўнг ерга қайтади.

Илон Маск 2025 йилда бу каби биринчи коинот кемаси экипажи билан Марсга йўл олиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Кема 100 нафар йўловчи ва 150 тонна юк ташишга мўлжалланган.

SpaceX ширкати шундан келиб чиққан ҳолда Марс ва Ойда шаҳарлар қуриш мумкин, деган ғояни илгари сурмоқда.

Аввалроқ мазкур кеманинг биринчи йўловчиси миллиардер Юсаку Маэдзава бўлиши хабар қилинган эди. У кемада коинот туристи сифатида Ойга учади.