Президент ўқитувчиларни табриклар экан, яна Каримов даври камчиликларини очди

Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз, дейилган Ўзбекистон президентининг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табригида.

Президент қутловида айтилишича, сўнгги икки йилда 238 та янги мактаб барпо этилган. 2010-2016 йилларда бу соҳага етарли эътибор берилмагани туфайли 99 та мактаб ёпилган эди.

Шавкат Мирзиёев ўзи давлат тепасига келганидан буён ўтган 3 йиллик муддатни назарда тутиб, бундай деган: "Ўтган қисқа даврда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширдик".

Президентга кўра, олий таълим соҳасида мана бу ўзгариш юз берган: "ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси уч йил бурунги 9 фоиздан 20 фоизга ошди. Биз яқин келажакда бу кўрсаткични 25 фоизга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз".

1 октябрь Ўзбекистонда ўқитувчилар ва мураббийлар куни - умумхалқ байрами.