Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчилар ва мураббийларни тақдирлаш маросимида рўмол ҳақида ҳам гапириб ўтди.
- Ижтимоий тармоқларда кўп-кўп масалалар кўтарилаяпти, бизнинг ўзбекона кийинишларимиз, рўмолларимиз (ҳақида). Битта нарсани ҳаммамиз билайлик: қандай ярашади ўзбекона рўмоллар, қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз. Меҳрли оналаримиз, сингилларимиз мана шундай юришига ҳеч ким¸ ҳеч қачон қарши бўлмаган ва бўлмайди ҳам бу Ўзбекистонда, - деди президент.
Президент бу гапларни мукофотланган спортчилардан бирининг онаси сўзлаган нутқдан сўнг гапирди.
Аввалроқ Наманган вилоят, Тўрақўрғон туман Хотин-қизлар қўмитаси тарғибот гуруҳлари туманда уйма-уй юриб, рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларни миллий удумларга мос равишда кийинишга тарғиб қилаётгани хабар қилинган.
Бундан ташқари Қўқон шаҳридаги мактабларда ўқиётган рўмолли қизлар рўйхати тузилгани ва махсус ишчи гуруҳлар улар билан тушунтириш ишларини олиб бораётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, 29 сентябрь куни аудиоёзуви тармоққа тушган мажлисида, айни ишчи гуруҳлар зиммасига вилоятда "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўриш вазифасини юклаган.
Айтилишича, бундай тадбирлар президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида олиб борилмоқда