Тошкентда “Тез ёрдам” фельдшерини вафот этган одамнинг қариндошлари калтаклади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси 30 сентябрь куни маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 25 сентябрь куни Яшнабод туманида яшовчилардан бири яқин қариндошининг бетоблиги туфайли “Тез ёрдам” чақирган.
Чақирув асосида хонадонга етиб келган врач К.С., ва фельдшер М.О., бемор вафот этганини қайд этишган. Аммо қариндошлар улардан вафот этган одамни жонлантиришни талаб қилишган, шифокорлар бу иш самара бермаслигини айтганлари ортидан улар калтакланган.
Фельдшер ёпиқ бош-мия травмаси, юз-жағ травмаси ташхиси билан Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилди. Тан жароҳатлари олган врач ҳам муолажадан ўтмоқда.
Мазкур воқеа юзасидан тергов олиб борилмоқда. Иш Яшнабод туман прокуратурасига топширилган.
Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини калтаклаш ҳолатлари тез-тез содир этилади. Соғлиқнини сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2017-2018 йилларда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300 нафар тиббиёт ходими калтакланган.