Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини ўрганмоқда. Бу ҳақда Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко баёнот берди, деб хабар қилди РИА Новости агентлиги.
Бу ҳақда kun.uz ҳам хабар қилди.
Ҳар иккала агентлик Матвиенкодан қуйидаги иқтибосни келтирган:
«Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда»
Хабарларда айтилишича, Матвиенко бу гапни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида айтган.
Айни пайтда давлатга қарашли ЎзА ахборот агентлигининг Матвиенко-Исмоилов учрашувига оид хабарида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишига доир сўз бўлгани айтилмаган.
Матвиенконинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзосига айланиши Россия билан алоқалар ривожига янги туртки беради ва бу орқали ҳозирда мавжуд баъзи тўсиқларнинг бартараф этилишига эришилади
Евросиё Иқтисодий Иттифоқи 2015 йилда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусь аъзолигида ташкил этилган. Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий масалаларда ўзаро келишган ҳолда қарорлар қабул қилиш, ўзаро товар ва хизматларни айирбошлаш, меҳнат кучи ва капитал алмашинуви бўйича чекловларни минималлаштиришга келишиб олишган.