Наманганда алимент тўлашни истамай, бир ёшли ўғлини Шимолий Фарғона каналига чўктириб ўлдирган ота 18 йилга қамалди.
Маҳаллий нашрларнинг Олий судга таяниб хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди 26 ёшли Росулбек Тошпўлатовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг «в,и» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдирилиши) билан айбдор деб топди.
Суд ҳужжатларида таъкидланишича, 2017 йилда уйланган Росулбек Тошпўлатов 2018 йил 4 июлда ўғил кўради. Аммо у ўғли ўзига ўхшамаслигидан шубҳа қилиб, 2019 йилнинг 24 апрелида хотини билан ажрашади.
Суднинг ҳал қилувчи қарорига асосан Росулбек Тошпўлатов фарзанди 3 ёшга тўлгунга қадар топган даромадининг 70 фоизини алимент тариқасида тўлаб бориши белгиланган.
Тошпўлатов 8 июль куни алдов билан ўғлини олиб қочган ҳамда болани Шимолий Фарғона каналига ташлаб юборган. У бола чўкиб кетгунига қадар томоша қилиб, қараб турган.