Трамп ота-ўғил Байденларнинг Хитойдаги фаолиятини суриштиришга чақирди

Жо Байден (ўнгда) ва унинг ўғли Ҳантер (чапда) 2003 йил декабридаги Хитой сафари чоғида.

АҚШ президенти Дональд Трамп Пекинни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байденнинг Хитойдаги фаолияти юзасидан суриштирув ўтказишга чақирди.

Айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари Трамп телефон орқали суҳбатда Украина президенти Володомир Зеленскийни Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани учун импичмент суриштирувини олиб бормоқда.

3 октябрь куни журналистлар саволларига жавоб берган Трамп Хитой ҳам, Украина ҳам собиқ вице-президент Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантер Байденни тергов қилиши кераклигига ишонишини таъкидлади.
Президент, шунингдек, импичмент суриштирувини “ахлат” дея баҳолади.

- Президент Зеленскийга, унинг ўрнида бўлганимда, Байденларни тергов қилишни тавсия қилган бўлардим. Худди шу каби, Хитой ҳам Байденларни тергов қилиши керак, чунки [Байденлар] Хитойда қилган ишлар Украинада қилган ишларидек ёмон, - деди Трамп.

Трамп Хитой президенти Си Цзиньпиндан Байденни тергов қилишини сўраганми-йўқлиги ҳақидаги саволга:

- Йўқ, лекин бу ҳақда ўйлаб кўрсак бўлади, - деб жавоб берди.
Журналистлар олдида қилган чиқишидан бир оз вақт ўтиб, президент Twitterда коррупцияни тергов қилиш ўз бурчи эканлиги ҳақида ёзди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Хитой аёвсиз савдо урушини бошлаган бўлиб, бу ҳолат жаҳон иқтисодига салбий таъсир кўрсатмоқда.