Шифокорга ҳужум қилганни 5 йилгача қамаш ҳақида қонун лойиҳаси тайёрланди

Иллюстратив сурат

Тиббиёт ходимига тажовуз учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига (ВМ) тақдим қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Телеграм каналида хабар қилинишича, 4 октябрь куни ВМга киритилган қонун лойиҳасида шифокорга тажовуз учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки қамаш кўзда тутилган.

Шунингдек, вазирлик хабарида 2018 - 2019 йилларда тиббиёт ходимига тажовуз қилинганига оид ҳолатлар сони 400дан ошгани маълум қилинган.

"Вазият шу даражага бориб етдики, тиббиёт муассасаларида, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учрамоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бундай тажовузларга жазони кучайтириш ташаббуси ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Кейинги пайтларда беморлар яқинлари томонидан шифокорларнинг калтакланиши ёки уларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари кўп кузатилмоқда.

Жумладан, сентябрь ойида Андижон вилоятининг Асака туманида “Шарқ ҳақиқати” тез тиббий ёрдам шохобчасига олиб борилган бемор яқинлари фельдшерни калтаклади.

Шу йилнинг 21 августида Озодлик Андижонда беморнинг ўғли врачлар хонасига ўт қўйишга уринганини хабар қилган эди.

7 август куни эса Самарқанд вилояти Қўшработ тумани касалхонасида терапевт врач бемор қариндошларининг ҳужумига учраганди.

10 июль куни Сирдарёда болалар касалхонасида вафот этган 4 ёшли боланинг отаси 2 шифокорни пичоқлаган, улар оғир жароҳатлардан омон қолганди.