Туркия Акчақала минтақасида Сурия билан чегарадош ҳудудларга қўшимча аскарлар ва ҳарбий техникани жалб қилишни бошлади. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк қўшинлари Фирот дарёси шарқидаги Сурия ҳудудларида ҳарбий амалиётни бошлашга шай эканини билдирди.
Эрдўғон амалиётдан мақсад Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд жангари отрядларидан тозалаш ва “хавфсизлик зоналари”ни ташкил қилиш эканини айтди.
Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.
Эрдўғон 6 октябрь куни ҳарбий амалиётни бошлаш тўғрисида яқин соатларда қарор қабул қилинишини билдирган.
Туркия 2016 йилда Сурияда президент Башар Ассадга қарши “Фирот қалқони” ҳарбий амалиётини ўткизган эди. 2018 йилда эса Туркия ҳарбийлари Сурияда курд жангариларига қарши қатор амалиётларни амалга оширган.