Тожикистон ҳукумати Суриядаги қочқинлар лагерларида яшаётган тожикистонлик аёллар ва болаларни ватанларига қайтаришга тайёрлигини билдирди.
Аввалроқ БМТ Суриядаги лагерларда қочқинлар чидаб бўлмас даражадаги оғир шароитларда яшаётганини маълум қилганди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 октябрда тожик дипломатлари бу масалада Сурия ҳукумати вакиллари билан учрашганлари ҳақида хабар берди. Дипломатлар Тожикистонга қайтарилиши кутилаётган одамларнинг шахси ва аниқ сонини ўрганишмоқда.
Тожик томони эга бўлган маълумотларга қараганда, Суриядаги қочқинлар лагерларида 575 аёл ва бола сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми “Ислом давлати” сафига қўшилган оилаларнинг вакилларидир.
Тожикистон жорий йил баҳорида Ироқдан 84 тожик боласини ватанига олиб келган эди. Бу болаларнинг оталари жангарилар сафларида ҳалок бўлган, оналари эса узоқ муддатга қамалган.
Тожикистон ҳукуматининг билдиришича, 2014 йилдан бери 1900 нафар тожикистонлик Сурия ва Ироққа кетиб, “Ислом давлати” гуруҳига қўшилган.