Оқ уй Туркия Сурия шимолига юриш режасини амалга оширишини маълум қилди. Бундан эса АҚШ қўллаб келган курд жангчилари тақдири мавҳум қолади.
Президент Дональд Трамп маъмурияти бу ҳақда 6 октябрь куни эълон қилди. Ўша куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Трамп билан телефонда суҳбат қилганини, икки етакчи кейинги ойда Вашингтонда учрашишга келишиб олганини маълум қилган эди.
Оқ уй баёнотида АҚШ Туркиянинг “кўпдан бери режалаштирилиб келаётган амалиётини қўлламайди ёки унда қатнашмайди”, дейилади.
Шунингдек, билдирувда АҚШ қўшинлари амалиёт ўтказиладиган ҳудудда қолмаслиги айтилган.
Бундан нари қўлга олинган “Ислом давлати” жангарилари тақдири Туркия қўлида бўлади. Оқ уй билдирувига кўра, жангариларни асл ватанлари бўлмиш Франция, Германия ва бошқа Европа давлатлари қайтиб олишдан бош тортган.
Туркия АҚШ, Россия ва Эронни Сурия шимолида “хавфсизлик зонасини” ўрнатишга чақириб келади.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, бундай зона Фрот дарёси шарқий соҳилида яратилади. Сурияда 2011 йилдан бери тинчимаётган фуқаролар урушида минглаб одам ҳалок бўлди.