6 октябрь куни Термизда Ўзбекистон кураш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида мамлакат бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев (Юлдашев) бир овоздан федерациянинг янги раиси этиб сайланди.
ЎзАнинг Кураш федерациясига таяниб хабар қилишича, сайловда федерация раислигига бошқа номзод кўрсатилмади ва натижада Ниғматилла Йўлдошев бир овоздан Ўзбекистон кураш федерацияси раиси этиб сайланган.
gazeta.uzнинг хабар қилишича, Кураш федерациясига июнда вазифасидан озод қилинган собиқ бош прокурор Отабек Муродов раҳбарлик қилган эди.
Сайлов Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир доирасида бўлиб ўтди.
Жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.
44 яшар Отабек Муродов Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) да айбланмоқда.
Отабек Муродов собиқ ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан очилган жиноят иши доирасида 18 сентябрь куни терговга чақирилгани ва ўша куни тергов изоляторидан қўйиб юборилмагани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.