ТАССнинг 7 октябрь куни билдиришича, Бекзод Нурматовнинг жасади 8 октябрь куни Ўзбекистонга келтирилади ва шу куниёқ дафн этилади. Бу ҳақда агентликка марҳумнинг яқинлари хабар берган.
Аралаш қоидалар бўйича жанг санъати - ММА устаси Бекзод Нурматов Чеченистон пойтахти Грознийда 4 октябрь куни Беслан Исаев билан ўтказилган жангда мағлубиятга учраганидан сўнг вафот этган эди.
«Бекзод душанбага ўтар кечаси вафот этди. У инсульт бўлди. Жангдан кейин у комага тушиб қолган эди», деб билдирган ТАССга марҳумнинг қариндошларидан бири.
Аралаш жанглардаги фаолиятини 2016 йилда бошлаган 27 ёшли Нурматов вафот этгунига қадар 13та жанг ўтказиб, улардан 11тасида ғалаба қилган эди.
У қўл жангги бўйича жаҳон чемпиони, бир неча маротаба жаҳон кубоги совриндори ва Осиёнинг уч маротаба чемпиони бўлган.
Мудофаа вазирлиги Бекзод Нурматовни Ўзбек армиясининг фахри деб атаган эди.