Star Media Ўзбекистонда Ҳолливуд юлдузлари иштирокида тарихий сериални суратга олмоқчи

Star Media бош продюсери Владислав Ряшин.

Украинанинг машҳур Star Media продюсерлик маркази Ўзбекистонда Ҳолливуд юлдузлари иштирокида бюджети 20 миллион доллар бўлган «Султона» телесериалини суратга олади.

Туризмни ривожлантириш қўмитасининг 7 октябрда маълум қилишича, бу масала Star Media бош продюсери Владислав Ряшин, франциялик продюсер Жан Шарл Леви билан Тошкентда ўтган музокараларда муҳокама қилинган. Лекин сериалда Ҳолливуд актёрларидан айнан кимлар иштирок этиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилмаган.

Инглиз тилида суратга олинадиган «Султона» тарихий фильми 6 серияли бўлиши режалаштирилмоқда. Хабарда айтилишича, XVII воқеалари акс этадиган фильмни суратга олиш 2020 йилда бошланади. Тасвирга олиш ишлари Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлиб ўтади.

Star Media, шунингдек, Россиянинг Биринчи канали билан ҳамкорликда Ўзбекистонда «Тошкент- нон шаҳри» фильмини суратга олади. Бу фильм Шуҳрат Аббосовнинг машҳур «Тошкент-нон шаҳри» фильмининг ремейки бўлмайди, аксинча фильмда мутлақо бошқа воқеалар акс этади.

Август ойида президент Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга асосан 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихи ва тарихий шахслари тўғрисида бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқармоқчи бўлган ширкатларга фильм учун сарфланадиган маблағнинг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда грант берилади.