«Ўзтрансгаз» 2018 йил ва 2019 йилнинг I чорагида тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб бериш жараёнида 188 миллиард 200 миллион сўмлик асоссиз даромад топган.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 7 октябрда билдиришича, бу ҳақда «Ўзтрансгаз»нинг қатор филиалларида ўтказилган текширувлардан сўнг маълум бўлди.
Расмий хабарда айтилишича, 8701 та ҳолатда газ таъминоти корхоналари томонидан белгиланган тарифларни асоссиз ошириши ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олдиндан тўланган тўловларни ҳисобга олмаслик каби қонунбузилишларга йўл қўйилган.
Шу муносабат билан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан газ таъминоти корхоналарига нисбатан «Табиий монополиялар тўғрисида"ги қонун талабларининг бузилиши бўйича ишлар қўзғатилди ва асоссиз олинган даромадларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатмалар берилди.
"Бугунги кунда минтақавий газ таъминоти корхоналарида асоссиз олинган даромадларни хўжалик юритувчи субъектларга қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда", дейилади билдирувда.