АҚШ аскарлари Туркия ҳарбий амалиёт ўтказилиши кутилаётган ҳудуддан олиб чиқиб кетилди

Суриялик курдлар Расалайн шаҳрида Туркия ҳарбий амалиётига қарши норозилик билдириш учун АҚШ ҳарбийлари олдига келмоқда.

Туркия ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаштирган Суриянинг шарқий ҳудудларидан америкалик 50-100 нафар аскарнинг бошқа жойга кўчирилиши АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетила бошланганини англатмайди. Бу ҳақда 7 октябрь куни Оқ Уйнинг исми айтилмаган расмийси журналистлар билан телефон мулоқоти пайтида маълум қилди.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон:

-Жаноб президент Дональд Трамп баёнот берганидай, Сурия шимоли-шарқидан АҚШ кучларини олиб чиқиб кетиш бошланди,-деб билдирган эди.

Бир неча кун олдин Эрдўғон турк қўшинлари Фирот дарёси шарқидаги Сурия ҳудудларида ҳарбий амалиётни бошлашга шай эканини билдирганди.

Эрдўғон амалиётдан мақсад Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудларини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд жангари отрядларидан тозалаш ва “хавфсизлик зоналари”ни ташкил қилиш эканини айтган.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.

6 октябрь куни Эрдўғон Трамп билан телефон мулоқоти ўтказди. Оқ уй расмийсининг билдиришича, телефон суҳбати пайтида Дональд Трамп Эрдўғонни Туркия амалиёт ўтказган ҳудудларда АҚШ аскарларига зарар етадиган бўлса “катта кўнгилсизликлар бўлиши”дан огоҳлантирган.