Туркия шимолий Сурияда амалиёт ўтказишга ҳозирланар экан, Трамп Эрдўғонни огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп

7 октябрь куни Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия шимолида ўтказилиши режалаштирилаётган ҳарбий амалиётга тайёргарлик чоралари якунланганини маълум қилди.

Бир кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фрот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ўрнатиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

7 октябрь куни юқори лавозимли АҚШ расмийси ҳудуддаги 50 ка яқин АҚШ ҳарбийлари бошқа ерга олиб кетилаётганини билдирди. Бир вақтнинг ўзида расмий АҚШ Суриядан бутунлай чиқиб кетаётганини рад этди.

Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Агар Туркия, бирор нима қилсаю уни буюк ва беназир донолигимга қарамай, қуюшқондан чиқди деб ҳисоблайдиган бўлсам, мен Туркиянинг иқтисодиётини батамом вайрон ва барбод қиламан, - деб ёзди Трамп Твиттерида.

Хабарларга кўра, Америка ҳарбийлари аллақачон Сурия ва Туркия чегарасидаги ҳудуддан чиқиб кета бошлаган. Ҳарбийлар кўчишни бошлашидан бир неча соат олдин Оқ уй Туркиянинг шимолий Сурияда курдлар етакчилигидаги жангчиларга қарши амалиётига тўсқинлик қилмаслигини маълум қилган эди.