Пахта хом ашёси 2020 йилдан бошлаб экспорт қилинмайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб пахта хом ашёсини хориж давлатларига экспорт қилишни тўхтатади. Бу ҳақда Япониянинг Nikkei Asian Review нашрига интервью берган инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов маълум қилди.

Вазирга кўра, Ўзбекистон етиштирилган барча пахта хом ашёсини ўз ҳудудида қайта ишлаб чиқаради ва хорижга фақат катта қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотни экспорт қилади.

Сардор Умурзақов пахта маҳсулотларини АҚШ ва Хитойга ҳам экспорт қилиш режалаштирилаётганини айтди. Прогнозларга қараганда, жорий йилда ўзбек текстиль маҳсулотларининг экспорти 2 миллиард долларга, 2025 йилда эса 8 миллиард долларга етказилади.

Nikkei Asian Review нашри мақолада Франциянинг IFRI тадқиқот институти ҳисоботида келтирилган рақамларни ҳам келтирган. Маълум қилинишича, 2018 йилда Хитой 786та ўзбек ширкатига сармоя киритган. Япония эса фақат 17та корхонада ўз улушига эга.

Ўзбекистон сўнгги йилларда пахта хом ашёси экспортини камайтириш сиёсатини олиб бормоқда. Статистиканинг билдиришича, 2010 йилда Ўзбекистон 1,5 миллиард долларлик пахта хом ашёсини экспорт қилган эди. 2015 йилда бу кўрсаткич 736 миллион долларни, 2018 йилда эса 222 миллион долларни ташкил қилди.

Ўзбекистонда йилига 1 миллион 200 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади.