Ўзбекистон ҳукумати хориж мамлакатларига иш излаб кетаётганлар сонини 2030 йилгача 2018 йилга нисбатан 16,6 фоизга озайтирмоқчи. Бу ҳақда президентнинг республикани 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожланиш концепцияси тўғрисдаги қарори лойиҳасида таъкидланди. Ҳужжатга асосан 2018 йилда Ўзбекистондан хорижга 1 миллион 960 минг одам ишлаш учун кетган.
Лойиҳада айтилишича, 2030 йилда мамлакат аҳолисининг иқтисодий фаол қисми 17 фоизга кўпайиб, 17 миллион 707 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда. Белгиланган режага асосан мигрантлар сони 2 миллион 355 мингдан 1 миллион 965 минг кишигача қисқаради ва пасайиш суръатлари 16,6 фоизни ташкил этади.
Ҳужжат лойиҳасида 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси сони 38 миллион 600 минг кишига етиши кутилаётгани ҳам билдирилди.
Ҳукумат меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш учун тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорларга солиқларни камайтириш, вилоятларда янги корхоналарни барпо этиш, иш берувчиларни ишчи кучини ёллашга бўлган интилишини рағбатлантириш мақсадида Меҳнат кодексини қайта кўриб чиқиш каби чораларни кўрмоқчи.