Ўзбекистонда умра зиёратига бориш ҳақи арзонлатилди. Бу ҳақда 8 октябрь куни ўтган матбуот анжуманида Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов маълум қилди.
Унга кўра, Умра зиёратининг нархи смета бўйича 11 миллион 600 минг сўм қилиб белигланган эди. Бугунги кунда бу нарх 11 миллион 450 минг сўм этиб арзонлаштирилди.
“Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдоридаги йиғим жорий этилмоқда. Юқоридаги харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Бу кейинги шартномада белгиланиши режалаштириб олинди”, деди Музаффар Комилов.
Расмийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра учун виза нархларини ўзгартирган.Эндиликда Ҳаж ва Умра визаси 300 риал, яъни 80 доллар бўлади.
Ҳаж ва Умра зиёрати учун сўнгги 5 йил ичида такрорий адо этган шахслардан ундириладиган 2 минг риал, яъни 533 АҚШ долларига тенг қўшимча тўлов тартиби бекор қилинди.
Виза расмийлаштириш учун тўлов бир одам учун, 5 фоиз қўшимча қиймат солиғи, электрон хизмат ва ширкатнинг хизмат ҳақи жами 498 риал, яъни 132 АҚШ доллари этиб белгиланди.