Самарқанд вилоятидаги туғруқхоналарда 8 ойда 354 чақалоқ вафот этди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида 354 нафар чақалоқ ва туғруқдаги 13 нафар аёл вафот этди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлигида ўтган йиғилиш пайтида маълум қилинди.

Вилоят ҳокимияти матбуот хизматининг билдиришича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов туманлардаги қатор туғруқхоналар фаолиятини кескин танқид қилган.

Унга кўра, чақалоқлар ва оналар асосан Қўшработ, Пахтачи, Оқдарё, Нарпай, Булунғур, Ургут туманлари ва Самарқанд туғруқхоналари вафот этган.

Туғруқхоналарни текширган ҳокимият ишчи гуруҳи, жумладан, Каттақўрғон туманида туғруққа келган аёллар учун шароитнинг ва биринчи даражада зарур бўладиган дори-дармонларнинг йўқлигини аниқлаган. Бундан ташқари туғруқхонадаги каравотларнинг кўрпа-тўшаги ҳам йўқ.

Бу каби ҳолатлар бошқа туғруқхоналарда ҳам аниқланган. Маълум қилинишича, 150 ўринга мўлжалланган туғруқхоналарда 190 нафаргача аёл сақланмоқда.

Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда 1 ёшгача бўлган 3400 чақалоқ вафот этган.