Туркия ҳарбийлари Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Сурия чегарасини яқин соатлар ичида кесиб ўтади. Бу ҳақда 9 октябрь тонгида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг матбуот котиби маълум қилди.
Reuters агентлигининг Анқара расмийларига таяниб билдиришича, Туркиянинг Сурия шимоли-шарқидаги ҳарбий амалиёти курд жангариларига огоҳлантириш бериш билан бошланади.
Туркия курд жангариларига қуролларни ташлашни ва жангариликни тўхтатишни таклиф қилмоқда.
Икки кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.
Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.