Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Т.У. ва унинг икки нафар шеригига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Озодлик Андижон шаҳридаги 50- умумтаълим ўрта мактабининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Шукрилло Ўрмонов ва ўқитуви Ғайрат Ашуров мактабда кийиниш қоидаларини математика ўқитувчисидан талаб қилгани ортидан 5 октябрь куни мактаб ховлисида икки киши тарафидан калтаклангани тўғрисида хабар қилган эди.
Андижон вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, "терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра, 2019 йилнинг 05 октябрь куни соат тахминан 13:30 ларда, Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Т.У. ва бошқалар жамиятда юриш туриш қоидасини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган Андижон шаҳри, Ломоносов кўчасида жойлашган 50-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси худудига келиб, мазкур мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишловчи Ш.Ў. ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. билан асоссиз равишда ўзаро жанжаллашишган. Т.У. ва унинг шериги томонидан Ш.Ў. ва Ғ.А.ларнинг турли тана қисмларига қўл ҳамда бошқа жисмлар билан зарбалар берилган. Суд-тиббий экспертиза бюросининг дастлабки маълумотномасига кўра, уларга қисқа муддатли соғлиқнинг бузилишига олиб келган енгил шикаст етказилган".
Хабар қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан тўпланган теровга қадар текширув ҳужжатлари 5 октябрь куни Андижон шаҳар ИИОФМБ навбатчилик қисмининг журналидан рўйхатдан ўтказилган.