Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚҚ) Ўзбекистон маъмурларини ўтган ойда руҳий касалликлар диспансерига ётқизилган блогерни зудлик билан озод қилишга чақирди.
Шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг “Тошкентга юришини” ëритгани ортидан 10 кунлик қамоқ муддатини 3 октябрь куни ўтаб бўлган 32 яшар блогер Нафосат Оллошукурова ўша куннинг ўзида Урганч туманида жойлашган Хоразм вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерига ëтқизилган эди.
Ўзбекистон расмийлари воқеаларни эркин ёритишлари учун барча журналистларга изн бериши лозим, деди 8 октябрь куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саид.
“Агар Ўзбекистон ўтказаётган ислоҳотлари жиддийлигига дунё ишонишини истаса, журналистларни руҳий касалхоналарга ётқизиш каби тоталитар усуллардан фойдаланмаслиги керак”, деди Гулноза Саид.
- Шабнам тахаллуси билан фаол блогерлик қилиб келган 32 яшар Нафосат Оллошукурова ва шоир Маҳмуд Ражабга нисбатан Урганч шаҳар маъмурий суди 23 сентябрь куни 10 кунлик административ қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида қарор қабул қилган эди.
- Бу қарор асосида 10 кун қамоқ жазоси ўтаган шоир Маҳмуд Ражаб 2 октябрь куни Урганч ИИБ зобитлари тарафидан уйига олиб келиб қўйилган. Маҳмуд Ражаб Озодлик мухбирига "қамоқдаги муомала ва шароитлар яхшилиги" ҳақида гапирди, аммо унинг юришини ëритган Оллошукурованинг кейинги тақдири ҳақида индамади.
- Шоир ва блогерни қамаш ҳақидаги қарорга кўра¸ “изнсиз кўча намойиши ўтказган” шоир Маҳмуд Ражаб ва блогер Нафосат Оллошукурова Маъмурий жавобгарлик кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилган:
- 183-модда, "Майда безорилик";
- 192-модда, "Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш";
- 202-модда, "Рухсат этилмаган йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш".
- Нафосат Оллошукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.
- 32 яшар инглиз тили ўқитувчиси, блогер Нафосат Оллошукурованинг уч ёшга тўлмаган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Нафосатнинг онаси қараяпти.