Курдлар Туркия ҳужуми арафасида ялпи сафарбарлик бошлади

Туркия ҳарбийлари Сурия чегарасига яқин йўлда кетиб бормоқда. 2019, 8 октябрь оқшоми.

Курд етакчилари Анқара Сурия шимолида амалиёт бошлашини эълон қилиши ортидан “ялпи сафарбарлик” эълон қилди. Аввалроқ Оқ уй Туркия амалиётига тўсқинлик қилмаслигини айтиб, ҳудудда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган эди.

Шимолий Суриянинг курдлар бошқарувидаги фуқаровий маъмурияти тўқнашувлар бошланса, гуманитар ҳалокат содир бўлишини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса АҚШнинг ҳудуддаги ҳаракатлари бутун минтақага “ўт қўйиши” мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Шимолий ва Шарқий Суриянинг мухтор маъмурияти” номи билан маълум бўлган гуруҳ “Халқимизни, барча миллат вакилларини Туркия билан чегарага яқин ҳудудга келиб, ушбу тарихий пайтда қаршилик чораларини кўришга чорлаймиз”, деган чақириқ ташлади.

8 октябрь куни кеч Туркия Сурия билан чегарадош ҳудудларга қўшимча ҳарбий техника ва қўшинларни юбора бошлагани хабар қилинди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.