Эрон Туркия билан чегарадош ҳудудда ҳарбий машқларни бошлади

Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.

Эрон армияси мамлакатнинг Туркия билан чегарадош ҳудудида аввал эълон қилинмаган ҳарбий машқларни бошлади. Бу ҳақда Эрон матбуоти хабар тарқатди.

9 октябрь куни ISNA агентлиги машқларда тезкор чора кўриш бўлимлари, ҳужум бригадалари ҳамда вертолётлар қатнашаётганини хабар қилди.
Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятида ўтказилаётган машқларга генерал-майор Абдулраҳим Мусавий етакчилик қилаётгани айтилмоқда.
Эрон нашрлари машқларда иштирок этаётган ҳарбийлар сонини очиқламади.

Эроннинг ушбу машқларидан олдин Туркия шимолий Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказишини эълон қилган эди. Сурия президенти Башар ал-Ассадни қўллаб келаётган Теҳрон Туркиянинг амалиётига қаршидир.
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 9 октябрь куни Анқарани Сурияда ҳарбий чора кўришдан ўзини тийишга чорлади.

- Туркия ҳақли равишда жанубий чегарасидаги вазиятдан хавотирда. Бу хавотирларни бартараф этиш учун тўғри йўл танланиши керак, деб ишонамиз, - деди президент.

Руҳоний, шунингдек, АҚШ ҳарбийларини ҳудудни тарк этиши кераклигини, курд жангчилари эса Сурия армиясини қўллаши кераклигини таъкидлади.