Туркия Сурия шимоли-шарқида курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётни бошлади

Ҳарбий амалиёт ўтказилаётган ҳудудни тарк этаётган сурияликлар.

Туркия Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Сурия шимоли-шарқида курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётни бошлади. Бу ҳақда 9 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон телевидение орқали маълум қилди.

-Ишонаманки, Сурия Озодлик армияси билан ҳамкорликда Туркия қуролли кучлари Сурия шимолида РПК, ЙПГ ва «Ислом давлати»га қарши катта муваффақиятларга эришади. Бизнинг мақсадимиз аниқ. Биз террорчилар йўлагини йўқ қилмоқчимиз. Биз бу ерда тинчлик йўлагини ташкил эта олишимизга умид қиламан. Хавфсизлик ҳудудини яратиш асосий мақсадимиздир, - деди Эрдўғон.

Сўнгги хабарларга қараганда, турк ҳарбий самолётлари курд жангарилари манзилларини бомбардимон қилган. Бомбардимон оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. АҚШ президенти Дональд Трамп курд жангарилари манзилларининг бомбардимон қилинишини «ёмон ғоя»деб атади.

Бир неча кун олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Туркиянинг Сурия шимолида, Фирот дарёси шарқида “хавфсизлик зонаси” ташкил қилиш режасига тўсқинлик қилмаслигини айтган эди. Туркия ушбу зонага 2 миллионга яқин суриялик қочқинни жойлаштирмоқчи.

Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия амалиёти давомида АҚШ ҳарбийларига зиён етса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Анқара курд отрядларини террорчи гуруҳлар сифатида билади. Аммо АҚШ “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда курд жангарилари билан ҳамкорлик қилган ва уларни қўллаб-қувватлаган.