9 октябрь куни Туркия Сурия шимолида курд жангчиларига қарши ҳарбий амалиёт бошлади. Бошқа давлатлар етакчилари ушбу ҳолат юзасидан хавотир изҳор қилар экан, БМТ Хавфсизлик кенгаши навбатдан ташқари йиғин ўтказишни режалаштирмоқда.
Уч кун олдин Туркия амалиётига халақит бермаслигини айтган АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия режасини эндиликда “ёмон фикр” деб атади. 9 октябрь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео эса Вашингтон ҳужумни маъқуллаганини бутунлай рад этди.
Трампнинг илк қарори АҚШда ва хорижда кескин танқид қилинмоқда.
9 октябрь куни АҚШ сенаторлари демократлар ва республикачилар Туркиянинг юқори лавозимли сиёсатчилари, жумладан, президент Режеп Таййип Эрдоғанга қарши санкция жорий қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилишди.
Қонун юқори лавозимли сиёсатчиларнинг мулкларини музлатиб қўйиши ва уларнинг саёҳат қилишига чеклов қўйиши кутилмоқда. Шунингдек, AFP агентлиги қонун Анқарага қурол-аслаҳа сотишни ман қилишини хабар қилди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.