Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали қилган суҳбати олидан Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдами тўхтатиб турилганидан хабардор бўлмаганини айтди.
Ўтган ойда телефон суҳбати давомида Трамп Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани ошкор бўлди. Шу сабабдан айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари импичмент суриштирувини олиб бормоқда.
Зеленский 10 октябрь куни ўтказган матбуот анжуманида қўнғироқ давомида товламачилик бўлмаганини айтди.
- Ҳарбий ёрдам тўхтатиб турилганидан хабарим йўқ эди. Бу ҳақда хабар топганимдан кейин, Варшавада бўлиб ўтган учрашув давомида [вице-президент Майк] Пенсдан бу ҳақда сўрадим, - деди Зеленский.
Демократлар сўзларига кўра, 25 июль куни ўтказилган телефон суҳбатида Трамп Зеленскийни Байденларни тергов қилишга ундаган ва акс ҳолда Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйишини айтиб, таҳдид солган.
Трампнинг ўзи эса ҳеч қандай ножўя иш қилмаганини айтиб келади.