Эрдўғон: Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида камида 109 террорчи ўлдирилди

Сурияда ҳарбий амалиёт бўлаётган ҳудуддаги уйларини тарк этаётган одамлар.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 октябрь куни ҳукмрон АК партияси фаоллари олдида қилган чиқиши чоғида Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида “камида 109 террорчи ўлдирилди”, деб баёнот берди.

Ахборот агентликлари минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Эрдўғон партиядошларига мурожаат қилар экан, Европа Иттифоқини Туркия ҳаракатларини қораламасликка чақирди:

-Эй, Европа Иттифоқи, ўзингга кел. Мен яна бир бор такрорлайман: агар сен бизнинг Суриядаги амалиётимизни босқинчилик сифатида қоралайдиган бўлсанг, унда чегараларимизни очиб юборамиз ва 3 миллион 600 минг қочқин сен томонга қараб йўлга чиқади,- деди Эрдўғон.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркиянинг Суриядаги амалиётига баҳо берар экан: ”Вашингтон турклар ва курдлар ўртасида воситачи бўлишга тайёр” эканини билдирди.

“Биз учта йўлдан бирини танлашимиз керак. Минглаб ҳарбийларни жўнатиш ва ҳарбий жиҳатдан устунликка эришиш, Туркияга санкциялар жорий этиб, оғир молиявий зарба бериш ёки Туркия ва курдлар ўртасида воситачи бўлиш”, деб ёзди Трамп Твиттер саҳифасида.

Туркия Сурия шимолида 9 октябрь куни курд жангчиларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган эди.

Тўрт кун олдин Туркия амалиётига халақит бермаслигини айтган АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия режасини эндиликда “ёмон фикр” деб атади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.