Доридан аҳволи оғирлашган ўнлаб бемор Соғлиқни сақлаш вазирлигига “юриш” қилди

Буйраги трансплантация қилинган беморлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят билан борди (www.togri.uz, 3 октябрь). Бир муддат аввал вазирлик беморларга одатда текин бериладиган “Pangraf” дорисини “Poligraf”га алиштирган. Аммо янги дорини ичган 20 нафардан ортиқ беморнинг аҳволи оғирлашган. Мамлакатнинг турли вилоятларидан норози бўлиб келган беморлар “Poligraf” дориси салбий таъсир қилаётганидан арз қилган. Йиғилганлар, шунингдек, текин дори вақтида берилмаётганидан ҳам ташвиш билдирганлар.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев вазиятни ўрганиш учун вақт кераклигини айтган.

Беморларга кўра, трансплантациядан сўнг умрининг сўнгигача ичиладиган дорини уч кун ичмаслик инсон ҳаётини хавф остида қолдиради. Доимий ичиладиган дорининг бир йилда уч марта ўзгартириш эса саратонга олиб келади.