Сайлов-2019: Сиёсий партиялар МСКга имзо варақаларини топширди

10 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро Матбуот марказида мамлакатдаги сиёсий партиялар Сайлов кодексига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатлар ва сайловчиларнинг сиёсий партияни сайловлардаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида қирқ мингта имзоси бўлган имзо варақаларини тақдим этди.

Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар қилди.

Сайлов кампанияси эълон қилингандан кейин барча сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни олиб, сайловчиларнинг имзосини тўплашга киришган эди.

Сайлов кодексининг 38-моддасига мувофиқ, сайловчилар битта ёки бир неча партияни қўллаб-қувватлаб, имзо варақаларига имзо қўйишга ҳақли.

Сиёсий партиялар томонидан имзо варақаларидаги камчиликлар икки кунлик муддатда бартараф этилмаса ёхуд қўшимча имзо варақалари тақдим этилмаса, барча топширилган имзо варақаларидан ҳақиқий деб топилганлари инобатга олинади.

Марказий сайлов комиссиясига камчиликлари бартараф этилиб (қўшимча тўпланиб), тақдим этилган имзо варақалари тўлиқ текширилади ва уларнинг ҳақиқий деб топилганлари аниқланади.

Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганини эълон қилган эди.

2019 йилнинг 22 декабри - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланган.