11 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган коррупция айблови бўйича суд жараёни бошланди. Суд мажлисига Атамбаев келишдан бош тортди. Бунинг оқибатида суд мажлиси 14 октябрга қолдирилди.
10 октябрь куни Қирғизистон расмийлари дастлабки мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини маълум қилган эди.
Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи Май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қулган эди.
Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган бўлган.
Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарев мижози айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтди.
Атамбаевнинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.
Жорий йилнинг августида Атамбаев Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг, Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилди.
Атамбаев ва унинг тарафдорлари эса икки кунлик қаршиликдан сўнг, 8 август куни полицияга таслим бўлди.